Наманганда жорий йилнинг 21 майидан - 4 июнига қадар "62 Халқаро гуллар фестивали" бўлиб ўтади
Намангандаги халқаро гуллар фестивалига 2,5 млн. нафар меҳмон келиши кутилмоқда. Фестиваль икки ҳафта давом этади.
Наманганда олтмиш иккинчи бор ўтказиладиган халқаро гуллар фестивалига
2,5 миллиондан ортиқ меҳмонлар ташрифи кутилмоқда. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлигининг Маданият ва туризм бошқармаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, фестиваль ўз тарихида иккинчи бор икки ҳафта — жорий йил май ойининг сўнгги хафтаси ва июн ойининг биринчи ўн кунлигида давом этади. Олдинлари бу муддат икки-уч кун, 2021 йили эса бир ҳафтадан иборат бўлган.
2022 йили фестивалга 30 дан ортиқ хорижий давлатлардан меҳмонлар ташриф буюрган бўлса, бу йил 40 дан ортиқ мамлакатдан меҳмонлар ташрифи кутилмоқда. Дипломатик корпус вакиллари, Наманган билан биродарлашган вилоят ва шаҳарлар мутасаддилари, қўшма корхоналаримизнинг чет эллик раҳбарларига таклифномалар юбориш режалаштирилган. Байрамда иштирок этадиган гулчилар географияси ҳам кенгайди: ўтган йили Жанубий Корея, Ҳиндистонлик гулчилар кўргазмада иштирок этган бўлса, бу йил Германия, Ҳиндистон, Польша, Жанубий Корея, Қирғизистон ва Италия гулчилари иштирок этиши кутилмоқда.
Фестиваль бўлиб ўтадиган Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли истироҳат боғида 15 миллион, шаҳар кўчаларида 10 миллион, жами 25 миллион гул ва кўчатлар экиш режалаштирилган.
Шунингдек, шаҳар кўчалари турфа хил инсталляциялар билан ҳам безатилади.
Ҳозирги кунда Наманган вилоятидаги 25 та меҳмонхона, 9 та хостел, 526 та оилавий меҳмон уйлари, 6 та ётоқхона, 18 та санаторийлар ва 4 та дам олиш масканлари
8,5 мингдан ортиқ меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга. Яна 5 та меҳмонхонани тадбир арафасида очиш тараддудидамиз.
Шу билан бирга меҳмонларга хизмат кўрсатиш учун жами 60 кишидан иборат волонтёрлар гуруҳи шакллантирилмоқда. Хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ёшлар шаҳарнинг мўъжаз хариталари ва буклетлар билан таъминланади.
Фестивалнинг маданий дастури ҳам бой ва қизиқарли бўлиши кутилмоқда.
“Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номли истироҳат боғи, «Афсоналар водийси» тематик паркида ўрнатиладиган саҳналарда шоир ва ёзувчилар, цирк усталари, ўзбек эстрадаси юлдузлари ва фольклор ансамбллари чиқишлари намойиш этилади.
Фестиваль якунида тадбирда муносиб иштирок этган гулчилар ва корхона-ташкилотлар бир неча номинациялар бўйича тақдирланади. Олий ўринларни эгаллаганларга вилоят ҳокимлигининг қиммат бохо совғалари топширилиши кўзда тутилган.