Рим шаҳрида Италиянинг "Конфиндустрия" саноат уюшмаси билан 2024 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси муҳокама қилинди
Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италиянинг саноат корхоналари бош конфедерацияси "Конфиндустрия" вице-президенти Барбара Бельтраме билан учрашди.
Учрашувда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда қўшма тадбирларни ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумки, Италия саноати ўзининг салоҳияти туфайли дунёнинг "Катта еттилик" мамлакатлари иқтисодиётлари қаторида муносиб ўрин эгаллаган. Шу билан бирга, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг турли тармоқлардаги ишлаб чиқариш ва экспорт қувватлари ҳам ошиб бормоқда.
Барбара Бельтраменинг сўзларига кўра, Италия ва Ўзбекистон тадбиркорлик доираларини яқинлаштиришга қаратилган тадбирлар мунтазам ташкил қилиниши лозим. Бунда "Конфиндустрия"нинг тажрибасидан фойдаланиш мумкин.
Италия миқёсида саноат бош конфедерацияси мақомига эга бўлгани туфайли "Конфиндустрия" ўзининг таркибида турли ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқлари уюшмаларини бирлаштиради. Шу боис, Италия томони билан Ўзбекистон учун юқори аҳамият касб этадиган "Confindustria Moda" тўқимачилик, мода ва аксессуар ишлаб чиқарувчилар федерацияси, "Assolatte" Италия сут саноати уюшмаси каби ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга келишилди.
Айтиш жоизки, 1910 йилда ташкил топган "Конфиндустрия" таркибига бугунги кунда жами 5,38 миллиондан зиёд ходимларни иш билан таъминловчи 150943 та корхона киради. Аъзо корхоналарнинг Италия ялпи ички маҳсулотидаги улуши 34 фоизни ташкил қилади. Конфедерация ўз аъзоларининг манфаатларини Италия ва хорижда ҳимоя қилиб келади.
Нодавлат уюшма бўлишига қарамай, "Конфиндустрия" ўз фаолиятида Италия вазирликлари, идоралари ва давлат агентликлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.