Ўзбекистон ҳудудлари ва Италиянинг Ломбардия вилояти ўртасидаги ҳамкорлик янгича тус олмоқда
Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италиянинг етакчи ҳудуди — Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ҳудудлари ва Ломбардия ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-маърифий, туризм соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Аттилио Фонтана Ломбардияда Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга юқори қизиқиш мавжудлигини таъкидлаб ўтди.
Ломбардия раҳбари, шунингдек, саноат, туризм, соғлиқни сақлаш, таълим йўналишларида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга ҳамда Самарқанд шаҳри билан биродарлик алоқаларини ўрнатишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида Ломбардия маъмурияти билан Ўзбекистоннинг тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебелсозлик, заргарлик корхоналари вакилларининг бизнес-миссияларини ташкил этиш бўйича келишиб олинди.
Ломбардия Италиянинг йирик саноат ва молия маркази ҳисобланади. Ҳудуд мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 22 фоизини (408 миллиард евро) таъминлайди. Вилоят саноати электромеханика, автомобилсозлик, транспорт воситалари ва кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Мазкур ҳудудда йирик «Unicredit» банки, Милан фонд биржаси ва «Fiera Milano» кўргазмалар мажмуаси жойлашган.
Ломбардия, шунингдек, илғор технологияларга асосланган соғлиқни сақлаш тизими билан ҳам машҳур. Вилоят инновацион ғоялар ва стартапларга кўмаклашиш бўйича мамлакатда етакчи ўринни эгаллайди.