Рим шаҳрида жиноятчиликни олдини олиш ва одил судлов масалаларида Ўзбекистон ва БМТ илмий-тадқиқот институти ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев БМТ Жиноятчилик ва одил судлов масалалари бўйича минтақалараро илмий-тадқиқот институти (UNICRI) директори вазифасини бажарувчи Лейф Вилладсен билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида жамоат хавфсизлиги, жиноятчиликни олдини олиш ва криминология борасидаги ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
Лейф Вилладсен UNICRI фаолиятига батафсил тўхталиб, унинг Кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий ҳимоя хатарларини юмшатиш ва бошқариш дастури (CBRN) Тошкентдаги минтақавий офиси орқали муваффақиятли амалга оширилаётганини айтиб ўтди.
"Ўзбекистонда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни олқишлаймиз. Бу борада илмий таҳлил, жиноятчилик омилини аниқлаш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича ҳамкорликка тайёрмиз", деди у.
Қайд этилишича, UNIKRI дунёда жиноятларнинг олдини олиш ва жиноий одил судловни амалга ошириш масалаларида фаолият юритувчи ягона халқаро илмий ташкилот ҳисобланади.
Ушбу ташкилот томонидан тайёрланган хулоса ва тавсиялар БМТ тузилмалари орқали рўёбга чиқарилади ва амалиётга татбиқ этилади.
UNICRI 1965 йилда БМТга аъзо давлатлар томонидан таъсис этилган. Ташкилот жиноятчиликнинг олдини олиш ва одил судловни амалга ошириш соҳасида ахборот тўплаш, таҳлил қилиш ва уларни тарқатиш ишларини амалга оширади. ЮНИКРИ қароргоҳи Италиянинг Турин шаҳрида жойлашган.