Бош прокурор ўринбосари бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Италияга ташрифи давомида қатор учрашувлар ташкил этилди
Бош прокурор ўринбосари бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг маданий бойликлар ноқонуний айланмасига қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида Италиянинг Рим шаҳрига ташкил этилган ташрифи давом этмоқда.
Ташриф доирасида делегация томонидан Италия Археология марказий институти ҳамда Италия Маданият вазирлигининг Археология, санъат ва маданий мерос Бош дирекцияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди.
Музокаралар чоғида Италия томони археология соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, шунингдек, маданий бойликларни мамлакат ҳудудидан олиб чиқиш ва олиб кириш жараёнларини рақамлаштириш масалаларига оид лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга алоҳида қизиқиш билдирди.
Шунингдек, делегация аъзолари томонидан Италия Музейлари Бош дирекцияси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди.
Бундан ташқари Италиянинг Кутубхоналар бош дирекцияси билан Ўзбекистонда кутубхоналар фаолиятини рақамлаштириш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишга келиш олинди.
Ўзбекистон делегацияси ташриф доирасида Капитоли музейи фаолияти билан яқиндан танишиб, экспонатларни сақлаш ва уларни оммалаштириш масалаларида музей раҳбарияти ва мутахассислари билан фикр алмашди.