Ўзбекистон вакили ФАО ҳузурида аккредитациядан ўтди
Ўзбекистоннинг БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳузуридаги доимий вакили Абат Файзуллаев ташкилот бош директори Цюй Дунъюйга ишонч ёрлиғини топширди.
Суҳбат давомида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ФАО ўртасидаги ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўтган йиллар давомида икки томонлама олий ва юқори даражадаги қатор учрашувлар, шунингдек, Самарқанд шаҳрида ФАО шафелигида ўтказилган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ҳамда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳалар кўлами Ўзбекистоннинг ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат экани таъкидланди.
ФАО томонига юртимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар ва «Ўзбекистон – 2030» стратегияси мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Ташкилот бош директори Цюй Дунъюй ўз навбатида, ушбу эзгу мақсадларга эришишда Ўзбекистон билан 2030 йилга қадар мўлжалланган кенг қамровли янги ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.
Ушбу ҳамкорлик доирасида қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар, рақамлаштириш, инсон капиталини ривожлантириш, соҳада бошқарувнинг самарали механизмларини жорий этиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича қўшма тадбирларни ўтказиш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил ноябрь ойида Ўзбекистоннинг янги элчиси Абат Файзуллаев Италия Президенти Сержо Маттареллага ўзининг ишонч ёрлиқларини топширган эди.