Рим шаҳрида янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Италия билан алоқалар истиқболлари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 31 январь - 3 февраль кунлари Ўзбекистон Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.Кадирханова бошчилигидаги делегация Италияга ташриф буюрди.
1 февраль куни Италия парламентида “Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар: Италия билан ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари” мавзусида брифинг ўтказилди. Италия парламенти депутатлари, сенаторлар, экспертлар ва журналистлар иштирок этди (жами – 40 киши).
Унда “Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ортга қайтмас тус олгани Италия бизнес доираларини республикага фаол инвестиция киритишга ундамоқда” - дея таъкидлади Италия депутатлар палатаси вице-президенти Э.Розато.
“Италия-Марказий Осиё” парламент дўстлик гуруҳи раҳбари Ф.Бенцони: "Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар жараёнида Италия тажрибаси қўлланилгани бизга катта мамнуният бағишлайди. Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёни Италиялик бизнесменларда қатта қизиқиш ўйғотмоқда. Рим Тошкентнинг 10 та энг йирик иқтисодий ҳамкорлари сафига кириш ниятида".
Ф.Бенцони шунингдек парламентлараро алоқаларни ривожлантириш нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини айтиб ўтди. Шу боис, у ўзи бошчилигидаги делегациянинг жорий йил Ўзбекистонга бориши режалаштирилгани ва ташриф давомида Ўзбекистон Парламентидаги дўстлик гуруҳи билан ҳамкорлик меморандумини имзолашни назарда тутилаётганини маълум қилди.
Сенатор М.Скурриянинг фикрича “Рим Тошкентнинг мустақил ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Ушбу дўстона ва очиқ мулоқот – фақат номигагина ташкил этилаётган тадбир эмас, бу Италиянинг Ўзбекистон билан стратегик шерикликни амалда ҳаётга татбиқ этишидан манфаатдорлигининг исботидир”.
Делегация Италия Парламенти Сенатининг ташқи ишлар ва мудофаа комиссияси президенти С.Кракси, “Италия-Марказий Осиё” парламент дўстлик гуруҳи раҳбари Ф.Бенцони, Италия халқаро ташкилотлар жамияти президенти Р.Сесса, Италия-Ўзбекистон дўстлик гуруҳи президенти М.Педачи, Осиё ва Африка учун Ўртаер денгизи институти бош котиби В.Валенти икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Италия халқаро ташкилотлар жамияти президенти Риккардо Сесса билан бўлиб ўтган музокаралар давомида юртимиздаги олиб борилаётган жадал ўзгаришлар, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ва гендер тенглик таъминланиши борасида қилинаётган ишлар, ҳамда Нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг фаолияти юзасидан батафсил маълумот берилди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг таҳлилий марказлари, ҳусусан Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва "Тараққиёт" маркази билан ўрнатилган яқин ҳамкорлик алоқалари сўзга олинди. Бунга қўшимча тарзда икки давлат ўртасида олий таълим соҳасида ҳам катта ютуқларга эришилгани эътиборга сазовор экани айтиб ўтилди. Италия томони Ўзбекистондаги рўй бераётган ижобий ислоҳотларга "мамлакат танлаган энг тўғри конструктив йўлнинг натижаси" дея баҳо берди.
Италия Сенатининг ташқи ишлар ва мудофаа комиссияси президенти С.Кракси билан ўтказилган учрашувида, Сенат вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда Италия билан икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг ҳозирги кундаги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида сухбат олиб бордилар. Делегация аъзоларига берилган саволлар ўз жавобини топди.
Музокаралар якунида томонлар Италия-Ўзбекистон муносабатлари стратегик шериклик даврига қадам қўйгани, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлиги ҳақида бир овоздан фикр билдирди. Италия томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни юқори баҳолади ва қўллаб-қувватлашини билдирди.
*Ташриф Италия оммавий ахборот воситаларида ҳам ёритилди:
https://www.vision-gt.eu/news/le-nuove-riforme-delluzbekistan-prospettive-di-cooperazione-con-litalia/