Италиянинг "Ассоломбарда" саноат ва хизмат кўрсатиш корхоналари уюшмасида самарали учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италиянинг «Ассоломбарда» саноат ва хизмат кўрсатиш корхоналари уюшмасининг Халқаро алоқалар ва ташқи савдо департаменти бошлиғи Кьяра Фанали билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Ломбардия ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Хусусан, Италия технологиялари ва кўникмалари асосида тўқимачилик, пойабзал маҳсулотларини «Designed in Italy – Manufactured in Uzbekistan» (Италия дизайни асосида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган) савдо маркаси билан ишлаб чиқаришни ташкил қилиш таклифи илгари сурилди.
Ушбу ташаббус Италия томонидан қўллаб-қувватланди. «Ассоломбарда» вакиллари Ўзбекистон ишлаб чиқариш тармоқлари тақдимотлари ва тижорий таклифларини мунтазам равишда тарқатишга ва икки томонлама саноат ҳамкорлигини амалга ошириш ҳамда қўшма тадбирларни ўтказишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Италиянинг «ACIMIT» (тўқимачилик ускуналари ва технологиялари), «ASSOMAC» (чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун ускуна ва технологиялар), «UCIMU» (машинасозлик ва дастгоҳсозлик) тармоқ уюшмаларини ҳам фаол жалб қилиниши таъкидланди.
«Ассоломбарда» 1910 йилда ташкил этилган Италия ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналари «Конфиндустрия» уюшмасининг Ломбардия ҳудудидаги бўлинмаси ҳисобланади. У Милан, Лоди, Монца-Брианца ва Павия провинцияларида жойлашган 7080 та корхонани бирлаштиради. Уюшмага аъзо корхоналарнинг 30 фоизи электромеханика тармоғида, 30 фоизи саноат, инновациялар ва туризм тармоқларида, 10 фоизи кимё саноатида ишлайди. Бундан ташқари, маҳаллий корхоналар транспорт воситаларини ишлаб чиқариш, бизнес коммуникация хизматлари ҳамда мода тармоқларида ҳам фаол.