Банк хизматлари соҳасида Ўзбекистон–Италия ҳамкорлигининг истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италиянинг энг йирик банки – "Интеза Санпаоло"нинг Халқаро шўъба банклари директори Жанлука Тиани билан Милан шаҳрида учрашди.
Учрашув давомида икки мамлакат ўртасида банк хизматлари йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жанлука Тианиниг фикрича, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар жадал ривожланаётганлиги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳамда Италия Президенти Серджо Маттарелланинг расмий ташрифлари доирасида ҳам ўз тасдиғини топди.
Бугунги кунга келиб, "Интеза Санпаоло" Ўзбекистон йўналишида "САЧЕ" экспорт кредитлари агентлиги кафолати остида муҳим лойиҳаларни амалга ошириш учун маблағлар ажратган. Жумладан, "Texnopark" МЧЖда "ақлли" газ ҳисоблагичларни ишлаб чиқариш ва кейинги босқичда Ўзбекистонда газ тақсимлаш тизимларини модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳалари учун жами 400 миллион евродан зиёд маблағ ажратди.
"Интеза Санпаоло" вакили Ўзбекистоннинг банк соҳасидаги ислоҳотларини юқори баҳолаб, мамлакат саноати ва қишлоқ хўжалиги тармоқларининг юксак салоҳияти, уларни ривожлантиришда молия хизматлари билан кўмаклашиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
Шу мақсадда "Интеза Санпаоло" Ўзбекистон бозорининг шароитларини ўрганиш мақсадида банк делегациясининг мамлакатимизга ташрифини ташкил қилишга келишилди.
Айтиб ўтиш жоизки, "Интеза Санпаоло" бозор капиталлашуви бўйича Европада учинчи ва Италияда биринчи (52,3 миллиард евро) ўринни эгаллайди. 2023 йилдаги соф даромади – 7,7 миллиард евро.
Италия банки Марказий ва Шарқий Европа мамлакатлари ва Мисрда 12 та шўъба банкларига эга. Бундан ташқари, дунёнинг турли мамлакатларида 3 та корпоратив банк, 14 та бўлинма, 2 та марказий филиал, 9 та ваколатхона ҳамда Хитойнинг "Циндао банки"да 17,5% акцияларига эгалик қилади.