Рим шаҳрида Ўзбекистон ва БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ўртасида Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори Синди Маккейн билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида мазкур халқаро ташкилот раҳбари Афғонистонга инсонпарварлик юкларини етказишда Ўзбекистон ёрдамини юксак қадрлашини билдирди.
"Ушбу йўналишдаги кечиктириб бўлмас ёрдамни манзилига етказиш ва миллионлаб афғонлар ҳаётини сақлаб қолишда Термиз халқаро транспорт-логистика хабининг муҳим аҳамиятидан яхши хабарим бор", — деди у.
Синди Маккейн, шунингдек, Ўзбекистон томонидан мунтазам равишда халқаро ҳамжамиятнинг ушбу муаммога диққат эътиборини қаратиб келишини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.
Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, умуммиллий келишувга эришиш ва барқарорликни таъминлаш масалалари аввалдан Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ажралмас қисми бўлиб келгани эътироф этилди.
Томонлар Афғонистонга инсонпарварлик юкларини етказишда Термиз халқаро транспорт логистика хабидан фойдаланиш ва гуманитар ёрдам кўламини янада кенгайтириш бўйича фикр алмашишдилар.
БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори Ўзбекистон билан ушбу ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдорлигини тасдиқлади. У, шунингдек, келгусида мамлакатимиз учун мос бўлган лойиҳаларда, хусусан, Оролбўйи ҳудудларидаги мактабларда соғлом овқатлантириш дастурлари бўйича эксперт кўмаги кўрсатишга тайёрлигини таъкидлади.
БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури можаро ва фавқулодда ҳолатлар туфайли давлатларда юзага келган инқирозга жавобан инсонпарварлик ёрдамини етказиб берувчи етакчи халқаро гуманитар ташкилот ҳисобланади.