Италия Марказий Осиё мамлакатлари билан тўғридан-тўғри логистика йўналишларини ўрнатишга қизиқиш билдирмоқда
Италия Парламенти Сенатида "Ўрта йўлак: Италия, Озарбайжон ва Марказий Осиё ўртасидаги хавфсиз транзит йўналиши" мавзусида конференция бўлиб ўтди.
Италия Осиё институти (ISIA) томонидан ташкил этилган анжуманда Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Эдмондо Чириелли, парламент аъзолари ва таҳлилчилари, Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Италия парламенти ҳар икки палатасининг Минтақавий алоқалар комиссияси раиси, сенатор Франческо Сильвестро конференцияни очар экан, итальян бизнеси бугунги кунда жадал ривожланиб бораётган Марказий Осиё минтақасини қайта кашф этиши кераклигини таъкидлади. Ушбу минтақа билан Италия экспортининг 2 миллиард доллардан ошгани ҳам шундан далолат беради.
"Саноатчиларимиз ўз эътиборини Марказий Осиё республикаларининг ишлаб чиқариш қувватлари ва энергетика ресурсларига қаратиши керак. Ўз навбатида, Италия ушбу мамлакатларнинг ривожланаётган иқтисодиётига ноу-хауларни етказиб бериш учун яхши имкониятга эга. Ишончим комилки, бундай ҳамкорлик ўта муҳим ва ўзаро манфаатли натижаларга олиб келиши мумкин", - деди у.
Конференция давомида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжоннинг "Ўрта йўлак" деб ҳам аталадиган Транскаспий халқаро транспорт йўналишини илгари суриш бўйича ижобий ва самарали тажрибаси муҳокама қилинди.
Маърузачиларга кўра, ушбу йўналиш янги геосиёсий воқеликлар шароитида Осиё ва Европа ўртасидаги халқаро савдо йўлларига долзарб муқобилдир, шунингдек, ушбу фонда Италия ва бутун Европа Иттифоқи ўртасида Кавказ ва Марказий Осиё минтақалари билан кўп қиррали савдо-иқтисодий ҳамкорлик фаоллашмоқда.
Хусусан, ISIA институти президенти Марио Моргони Транскаспий халқаро транспорт йўналишини Италияни бутун Шарқий Осиё билан боғлаши керак бўлган стратегик мультимодал транспорт ва энергия коридори сифатида кўришини маълум қилди. Шу нуқтаи назардан, у Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон ва Туркия томонидан 2022 йил ноябрь ойида Оқтов шаҳрида қабул қилинган савдодаги тўсиқларни бир вақтда бартараф этиш ҳамда 2022-2027 йилларга мўлжалланган "Ўрта йўлак"ни ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси"нинг муҳимлигини таъкидлади. Лойиҳанинг амалга оширилиши Транскаспий йўлагининг ўтказиш қобилиятини 2025 йилга бориб 10 миллион тонна юкга етказади. Марио Моргони, шунингдек, Европа Иттифоқининг 2024 йил январь ойида Марказий Осиёда "Global Gateway" ташаббуси доирасида барқарор транспорт алоқасини қўллаб-қувватлашга 10 миллиард евро сармоя киритиш тўғрисидаги қарорини алоҳида қайд этди.
Италия ТИВ раҳбарининг ўринбосари Эдмондо Чириелли Италия Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун катта имкониятларга эга эканини билдирди.
"Италия транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга ўзининг фундаментал ҳиссасини қўшишга ҳамда бутун минтақа иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга тайёр" - деди у.
Шунингдек, Эдмондо Чириелли Италиянинг Марказий Осиё билан сувдан оқилона фойдаланиш, Оролбўйи аҳолисига тегишли экологик ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда кўмаклашиш каби долзарб йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича қатъий ниятини маълум қилди. Унинг айтишича, Италия минтақа давлатлари дуч келаётган долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича тажриба лойиҳаларини амалга оширишда техник ва молиявий ёрдам кўрсатиш орқали Оролбўйи мамлакатлари учун кенг қамровли лойиҳани амалга ошириш ниятида.
Анжуманда, шунингдек, Италия Европа сиёсати доимий қўмитаси раиси, собиқ ташқи ишлар вазири, сенатор Жулио Терци Ди Сант’Агата маъруза қилди. "Бизнинг цивилизациямиз айнан Кавказ ва Марказий Осиёда бошланган ва ўша ерда унинг гуллаган даври бўлди", деди сенатор.
Конференцияда Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжон элчилари ҳам сўзга чиқдилар.
Мамлакатимиз элчиси Абат Файзуллаев ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2035 йилгача Ўзбекистон транспорт тизимини ривожлантириш стратегияси қабул қилинганини таъкидлади. Унда Транскаспий йўлагини ташкил этиш устувор вазифа сифатида белгилангани қайд этилди. Анжуман иштирокчиларига республикада юкларни ташиш ва қайта ишлаш механизмларини такомиллаштириш борасида эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берилди. Туркия билан ҳамкорликда "E-Permit" авторизация бланкаларини электрон алмашиш, Озарбайжон билан "E-Tir" тизими, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан "digital-TIR" тизими жорий этилгани таъкидланди. Худди шундай амалиётни бутун "Ўрта йўлак" бўйлаб жорий этиш таклифи ҳам илгари сурилди.
Дарҳақиқат, янги логистика йўналишларини қуриш республика учун долзарбдир. Ўзбекистон ва унинг ҳамкор давлатлари томонидан "Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон" ва "Термиз–Мозори-Шариф–Кобул–Пешовар" темир йўллари қурилиши лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Келгусида ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан Транскаспий йўлаги бўйлаб юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошиши шубҳасиз.