Ўзбекистон элчиси Италия жанубидаги етакчи саноат ҳудудларида бўлиб, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти билан таништирди
Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италиянинг Васто ва Сан-Сальво шаҳарларига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида мазкур шаҳарлар мэрлари, маҳаллий саноат корхоналари, йирик агрохўжалик мажмуалари раҳбарлари билан самарали учрашувлар ўтказилди.
Жумладан, "Абруццо ва Ўрта Адриатика конфиндустрия" корхоналар уюшмасида Ўзбекистон саноати, савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар ва чора-тадбирлар, тўқимачилик, чарм-пойабзал ишлаб чиқариш ҳамда тоғ-кон саноати каби кенг имкониятли тармоқларнинг сўнгги йиллардаги ютуқлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Васто шаҳри мэри Франческо Менна Ўзбекистон билан ҳамкорлик ташаббусларини юқори баҳолаб, мамлакатимиз шаҳарлари билан биродарлик муносабатларини ўрнатишни таклиф қилди. У, шунингдек, амалий сафар билан Ўзбекистонга бориш истагини билдирди. "Мамлакатингиз билан савдо, саноат ва туризм соҳаларида ҳамкорлик битимларини тузишга интилишимиз қатъий. Халқларимизни бирлаштирадиган ва яқинлаштирадиган омиллар ҳам жуда кўп", деди Франческо Мэнна.
Сан-Сальво мэри Эмануэла Де Николис билан кечган мулоқот чоғида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Мэр Сан-Сальво шаҳри имкониятларини тақдим этаркан, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда ҳудуднинг турли ишлаб чиқариш ва савдо-иқтисодий қувватлари инобатга олинишидан манфаатдор эканини билдирди.
"Абруццо ва Ўрта Адриатика конфиндустрия" корхоналар уюшмаси вице-президенти Алессандро Аддари билан учрашувда хорижий инвестицияларни жалб қилиш хусусида фикр алмашилди.
"Ўзбекистон ва Италия ўртасида инвестиция, технология ва билим алмашинуви ҳамда савдо алоқаларини кенгайтириш айни муддао. Чунки икки мамлакат етарли тажрибага ҳам бир бирларини қизиқтирадиган маҳсулотларга ҳам эга", деди у.
Томонлар Ўзбекистон фуқароларини уюшган ҳолда маҳаллий корхоналар, қурилиш фирмалари, логистика компаниялари, меҳмонхона, ресторанлар ва қишлоқ хўжалиги мажмуаларида ишга жойлаштириш масаласини ҳам кўриб чиқдилар.
Италия вакили маҳаллий ишлаб чиқариш ва сервис корхоналари ҳар бири камида 30-80 нафар пайвандчи, металл конструкциялар бўйича усталар, қурилиш соҳаси вакиллари ва ҳайдовчиларга эҳтиёж борлигини билдирди.
Бўлиб ўтган мулоқот натижасида маҳаллий корхоналарга мамлакатимиздан малакали ишчиларни жалб қилиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари билан онлайн музокаралар уюштириш бўйича келишиб олинди.