Ўзбекистон элчиси Италиянинг Абруццо вилоятидаги йирик корхона ва уюшмалар раҳбарлари билан самарали музокаралар ўтказди
Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италиянинг Абруццо вилоятига ташрифи давомида Васто ва Сан-Сальво шаҳарларидаги йирик корхоналар фаолияти билан танишди.
Ушбу ҳудудлардаги корхоналар автомобилсозлик ва электротехника заводлари учун тўлиқ ишлаб чиқариш линиялари, саноат роботлари, 3D принтерлари етказиб беришга ихтисослашган.
Жумладан, "TCM Srl" (TCM) компанияси раҳбарлари Бениамино Тамбелли билан мулоқот чоғида машинасозлик ва саноат соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, ушбу компания мамлакатимиздаги "Автоойна" корхонаси билан кўп йилдан бери ҳамкорлик қилиб келмоқда.
"Aumatech Srl"к компанияси таъсисчиси Марко Монако "Stellantis" компаниялар гуруҳи билан ҳамкорлигидан фахрланишини, FIAT автомашиналари учун ёнилғи баклари айнан "Aumatech" линияларида ишлаб чиқарилишини айтиб ўтди. "Aumatech" Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболлари жуда кенглигини ва мамлакатимиз бозорига кириш корхона учун жуда катта ютуқ бўлишини таъкидлади.
Ўзбекистон элчиси, шунингдек, "Euro-Ortofrutticola del Trigno" йирик қишлоқ хўжалик мажмуаси фаолияти билан танишди. Кооператив ҳудуднинг 720 та фермер хўжаликларини бирлаштиради. Улар асосан ўрик, артишок, гилос, шафтоли, зайтун ва узум етиштириш ҳамда қадоқлашга ихтисослашган.
"Euro-Ortofrutticola del Trigno" тижорий директори Никола Ди Лелло Ўзбекистон мева-сабзавот етиштириш қувватлари билан жуда яхши танишлигини, мамлакатимиз ушбу йўналишда улкан имкониятларга эгалигини таъкидлади. Унинг айтишича, Италияда мева-сабзавот маҳсулотлари катта ҳажмда етиштирилади ва истеъмол қилинади. Аммо, нархлар ошиши сабабли сўнгги икки йилда аҳоли томонидан мева-сабзавот сотиб олиниши 15 фоизга қисқарган. Шубҳасиз, Италия бозорида хориждан рақобатбардош нархларда импортга эҳтиёж мавжуд.
Абруццо вилояти корхоналарининг "Конфиндустрия" уюшмаси вице-президенти Алессандро Аддари билан бўлиб ўтган учрашув ҳам самарали бўлди.
"Ўзбекистон элчисини қабул қилишдан жуда хурсанд бўлдик, — деди у. — Ҳаракатларимизни сизлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка қаратишимиз лозим. Икки мамлакат компаниялари ўртасида ҳамкорлик, билим ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш ва Ўзбекистонда туризм соҳаси учун яратилган имкониятлардан фойдаланишимиз керак", деди у.