Ўзбекистон тарихда биринчи марта Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий кенгашига аъзо бўлди
Овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон энг кўп овоз тўплаган
7 июнь куни Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) Женевадаги бош-қароргоҳида Халқаро меҳнат конференциясининг 112-конференцияси доирасида 2024-2027 йиллар учун ташкилот Маъмурий кенгаши аъзолари ва уларнинг ўринбосарларига сайлов бўлиб ўтди.
Овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон энг кўп овоз (194 та, зарур минимум 105) тўплаган ҳолда, ўз тарихида биринчи марта ХМТ Маъмурий кенгашига аъзо ўринбосари этиб сайланди.
Ўзбекистоннинг Маъмурий кенгашга сайланиши тарихий воқеа ҳисобланади, чунки Ўзбекистон томони ХМТнинг ушбу асосий органига биринчи марта аъзо бўлмоқда.
Овоз бериш якунлари шуни кўрсатдики, ХМТга аъзо давлатлар мамлакатимизда болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, халқаро меҳнат соҳасидаги қатор муҳим конвенцияларни ратификация қилиш, муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш, муаммоларни эътиборсиз қолдириш сиёсатидан уларни мулоқот орқали ҳал этиш каби кўрилаётган ислоҳотларга баҳо беради.
Бошқарув органи ХМТнинг ижро этувчи органи ҳисобланади. Халқаро меҳнат конференцияси сессиялари орасидаги даврда ташкилот ишига раҳбарлик қилади ва унинг қарорларини амалга ошириш тартибини белгилайди. Маъмурий кенгашнинг ҳар йили учта сессияси - март, июн ва ноябрь ойларида ўтказилади.
Маъмурий кенгаш уч йил муддатга сайланадиган 56 нафар аъзо ва 66 нафар ўринбосардан иборат.
“Дунё” АА