Ўзбекистонда балиқ саноати ва балиқ етиштириш соҳасини ривожлантириш буйича “Assoittica Italia” уюшмаси билан видеомулоқот ўтказилди

Ўзбекистоннинг балиқ саноати ва балиқ етиштириш соҳасини ривожлантириш ва бунга чэт эл инвестициялари ва тажрибасини жалб қилиш мақсадида республикамизнинг Италиядаги элчихонаси ташаббуси билан “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Ш.Рахматов, Италиянинг балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар миллий уюшмаси “Assoittica Italia” бош котиби Дж.Пальма ҳамда ИТСВ ҳузуридаги Инвестицион лойихаларни ишлаб чиқиш маркази вакиллари иштирокида видеоконференция музокаралари ўтказилди.

Видеоконференция аввалида Ўзбекистон ва Италияда балиқчилик соҳасида олиб борилаётган ишлар, балиқ етиштириш ҳажмлари ва усуллари, ҳамда иш тизими тўғрисида маълумотлар алмашилди. Шунингдек, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раҳбарияти томонидан сохада мавжуд муаммолар юзасидан тушунтириш берилди ва уларни бартараф этиш юзасидан Италия мутахассислари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш таклифи киритилди.
“Assoittica Italia” бош котиби Дж.Пальма мазкур таклифга жавобан, Ўзбекистон балиқчилик тармоғидаги муаммоларни бартараф этишда техник ёрдам кўрсатишга ҳамда балиқ касалликларини олдини олиш ва қирилиб кетаётган балиқ турларини қайта тиклаш ишларига Италиянинг Балиқчилик лаборатория институтининг ихтиология ва биология соҳасидаги юқори малакали мутахассисларини жалб қилишга тайёр эканлигини билдирди.
Шу билан бирга, республикада сифатли балиқ маҳсулотларини етиштириш ва экспорт ҳажмини оширишнинг асосий шартларидан бири балиқни етиштиришдан тортиб қадоқлашгача бўлган жараёнга стандартлаштириш ва сертификациялаштиришни жорий этиш эканлигини таъкидлади.
Дж.Пальма балиқ маҳсулотларининг инсон организми учун фойдали хусусиятларини инобатга олган ҳолда, балиқ истеъмоли маданиятини ривожлантириш ва интернет тармоқларида балиқ истеъмолини кўпайтиришни тарғибот қилиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, бу борадаги тажриба ва таклифларини билдирди.
Видеоконференция якунида икки давлат ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида, “Ўзбекбалиқсаноат” ва “Assoittica Italia” уюшмалари ўртасида Меморандум имзолаш, соҳадаги тадқиқот институтлари вакилларининг ташриф алмашинувини ташкил қилиш ҳамда мавжуд имкониятлар ва муаммоларни ўрганиш бўйича мақсадли ҳамкорлик қилишга келишилди.