Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини Италияга экспорт қилиш масаласи муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг Римдаги элчихонаси томонидан «SOP» Италия компанияси директори Джузеппе Л’Аббате, «AQ International» президенти Сальво Каччола ва тадбиркор Бруно Томмазини иштирокида видеоконференцалоқа шаклида музокаралар ўтказилди.
Музокаралар бошида Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Отабек Акбаров республикада иқлим шароити ва қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлиги, шерикчилик ва инвестициялар киритиш асосида бизнес юритмоқчи бўлган чет эллик ишбилармонларга яратилган имтиёзлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ҳаво ва ер усти транспорти орқали чет элга экспорт қилинишида имтиёзлар берилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўз навбатида Ж.Л’Аббате Ўзбекистонда агробизнесни ташкил этиш учун яратилган имкониятларга юқори баҳо берди. Унинг таъкидлашича, Италия ҳар бир ҳудудининг шарт-шароитлари ўзига хос бўлиб, фақат
у ёки бу турдаги мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш имконияти мавжуд эканлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон иқлими бутун ҳудудда барқарорлиги сабабли ушбу йўналишда ҳамкорлик учун катта истиқболларга эга.
Италия томони ўзининг халқаро ҳамкорлик соҳасидаги тажрибаси ва маҳаллий йирик озиқ-овқат дўконлари билан алоқалари тўғрисида маълумот берди.
Шу муносабат билан «SOP» Ўзбекистоннинг помидор, узум, картошка ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи етакчи қорҳоналари билан ҳамкорликка, ҳамда компаниянинг аълокалари орқали мамлакатнинг ички бозори учун сифат назоратини таъминлаш ва ўзининг бренди остида қадоқлаш орқали импорт қилишга тайёрлигини билдирди.
Музокараларда, шунингдек, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхона ташкил этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Яқин вақт ичида Ўзбекистондаги манфаатдор тадбиркорлар билан онлайн музокаралар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Дж. Л’Аббате, икки мамлакатдаги Covid-19 пандемияси билан боғлик чекловлар олиб ташланганидан сўнг, албатта республикада яратилган шароитлар билан танишиш, шунингдек юқорида кўрсатилган мақсадларни амалга ошириш бўйича салоҳиятли шериклар билан ишчи учрашувлар ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришини айтиб ўтди.