Ўзбекистоннинг Шаҳрисабз ва Италиянинг Казерта шаҳарлари ўртасида қандай боғлиқлик бор?

Италиянинг Казерта шаҳрида Шаҳрисабз ва Казерта шаҳарлари муниципалитетлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида имзоланган шартноманинг асл нусхасини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Отабек Акбаров ҳужжатни шаҳар мэри Карло Маринога Кампания ва Молизе минтақаларидаги Ўзбекистоннинг фахрий консули Витторио Гиорги иштирокида тақдим этди.
Казерта тарихий қисми - Казервеккиада ҳар йили ўтказиладиган «Settembre Al Borgo» маданий фестивали доирасида бўлиб ўтган маросимда шаҳар раҳбарлари, Кампания минтақасининг маданий, маърифий ва академик доиралари вакиллари, шунингдек сайёҳлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси раҳбари ўз сўзида Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлган, шунингдек, Амир Темур шахси ва мероси билан чамбарчас боғлиқ кент - Шаҳрисабзнинг тарихи ва замонавий тараққиёти ҳақида тўхталди. Буюк саркарда ва давлат арбоби томонидан бунёд этилган “Оқ сарой” тарихий мажмуаси ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилганлиги таъкидланди.
Ўзбекистон ҳукумати Қашқадарё вилояти, жумладан, Шаҳрисабзни ҳар томонлама ривожлантириш, туризм соҳасини оммалаштириш масалаларига катта эътибор қаратаётгани қайд этилди. Сўнгги йилларда шаҳарда чет эллик меҳмонлар иштирокида маданий-маърифий, этнографик, спорт, кўнгилочар ва гастрономик туризм соҳаларида қатор тадбирларни ўтказиш анаънага айланиб, ушбу тарихий маскан «Байрамлар шаҳри»га айланмоқда.
Шунингдек, тадбирда Шаҳрисабз ва Казерта ўртасида тарихий алоқалар мавжудлиги ҳақида сўз юритилди. Хусусан, «Reggia Di Caserta» қироллик саройи шифтини Александр Македонский ва сўғдиёналик Роксананинг никоҳ тўйи акс эттирилган рангли тасвир яхлит эгаллаб тургани ҳам бунинг ёрқин далили бўла олади.
Маълумки, XVIII асрда қурилган энг муҳташам бино ва Европадаги энг йирик қироллик мажмуаси мақомини сақлаб қолган ушбу сарой Казерта шаҳрининг асосий диққатга сазовор масканидир. Бу ерга ҳар йили миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради. ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган сарой Бурбонлар уйига тегишли бўлиб, ўзларини Александр Македонскийнинг авлодлари деб ҳисоблаган Неаполь ҳукмдорларининг бош қароргоҳи сифатида хизмат қилган. Тарихчиларнинг фикрига кўра, рангли тасвирда акс эттирилган тўй маросими юнон-македонларнинг Трансоксианага юриши ва Сўғд қоясини эгаллаш чоғида Шаҳрисабз атрофида ўтказилган.

Шаҳрисабз ва Казерта ўртасида имзоланган шартнома маданият, сайёҳлик, иқтисодиёт ва спорт соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун қулай замин яратмоқда. Томонлар ўз ҳудудларининг имкониятларини ўрганиш ва очиш бўйича ўзаро тадбирларни ўтказиш, шу жумладан Казерта шаҳрида жойлашган Италия Кураш федерацияси имкониятларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, турли маданий тадбирларда икки мамлакат санъат усталарининг иштирокини рағбатлантириш бўйича биргаликда тадбирлар ташкил этишни белгилаб олган.
Шартномада туризмни тарғиб қилиш соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Икки шаҳар сайёҳлик салоҳияти тўғрисида маълумотларни тарғиб этиш ва фуқароларини ўзаро саёҳат қилишини рағбатлантиришни режалаштирмоқда. Реклама ва менежмент фаолияти бўйича тажриба алмашиш ҳам ташкил этилади. Казерта муниципалитети қўшма тадбирлар учун «Reggia Di Caserta» қироллик саройи, «Ferraris» меҳмонхоналарни бошқариш давлат институти, «San Leucio» давлат олий мактаби, «Jean Monnet» сиёсатшунослик факультети (Кампания университети) имкониятларидан фойдаланишни режалаштирмоқда.
«Reggia Di Caserta» саройида Қашқадарё ва мамлакатимизнинг бошқа вилоятлари аёллар ва эркаклар анъанавий либослари намойишига бағишланган Ўзбек миллий кийимлари фестивали илк қўшма маданий тадбирлардан бири бўлади. Бундан ташқари, ушбу саройда ўзбек миллий кийимлари галереясини очиш режалаштирилган. Бундан аввалроқ тарихий анъаналар руҳида тайёрланган «Шаҳрисабз келини» ўзбек миллий кийимлари тўплами сарой музейига тақдим қилинган эди.
Томонлар иқтисодий салоҳият ва бизнес имкониятлари тўғрисида хабардорликни ошириш мақсадида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида бизнес форумларни ўтказишга келишиб олди. Ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида ахборот ва лойиҳалар алмашинуви бўйича «икки томонлама виртуал платформа» яратилади. Ҳамкорлик лойиҳаларига савдо палаталари, бизнес ташкилотлари, университетлар, ўрта мактаблар, музейлар ва бошқа ташкилотлар жалб этилади.
Кампания ва Молизе минтақаларидаги Ўзбекистон фахрий консули Витторио Жоржи ўз сўзида Ўзбекистоннинг Казерта шаҳридаги фахрий консулхонаси 8 йил олдин очилганига эътибор қаратди. “Ўтган йиллар давомида консулхона иқтисодиёт ва маданият соҳасида кўплаб лойиҳаларни амалга оширди. Ҳозирги устувор мақсадлар бу Ўзбекистон корхоналари билан бизнес-лойиҳаларни, шунингдек, таълим соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш, университетлараро алоқалар ўрнатиш ва ривожлантириш боғлиқ», деди у.
— Биз ўзбекистонлик шерикларимиз билан туризм ва маданият соҳасида кўплаб лойиҳаларни амалга оширишимиз керак, — деди Казерта шаҳри мэри Карло Марино. — Маданий ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларидан бири - бу турли йўналишдаги курсларни очишдир. Масалан, анъанавий ўзбек рақслари бўйича тўгараклар ташкил этишимиз мумкин. Биз Шаҳрисабз билан имзоланган шартномада белгиланган мақсадларга эришиш учун фаол иш олиб бориш ниятидамиз. Италияда ўзбек миллий кийимлари фестивалини ўтказишни орзиқиб кутаяпмиз.
«Settembre Al Borgo» фестивали доирасида, шунингдек, Ўзбекистон элчисининг Казерта кенгаши аъзоси Жанлука Януччига Италияда ўтказиладиган Шаҳрисабз миллий кийимлар халқаро фестивалининг фахрий маслаҳатчиси сертификатини топшириш маросими бўлиб ўтди.
— Казерта ва Шаҳрисабзнинг бой тарихий ва маданий мероси бу икки шаҳарнинг буюклиги ва ўхшашлигидан далолат беради, — деди Казерта Кенгаши аъзоси Ж. Януччи. — Ишончим комилки, бу самарали ҳамкорлигимиз учун яхши асос бўлади. Мен Ўзбекистонга саёҳат қилиш учун дунёдаги эпидемиологик вазиятни тезроқ барқарорлашишини интизорлик билан кутаяпман.

Казерта шаҳрида бўлиб ўтган мазкур тадбир маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг диққат эътиборида бўлди. Улар томонидан мавзуга оид қатор мақолалар чоп этилди ва видеорепортажлар эфирга узатилди.