Ўзбекистон ва Италия технопарклари ҳамкорлиги кенгаяди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси ҳамда мамлакатимизнинг Римдаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон ва Италия технопарклари ўртасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва истиқболли алоқаларни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоконференция ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги, Яшнобод инновацион технопарки ва Италиянинг “Innovup” (Инновациялар ва стартаплар) уюшмаси, қатор технопарклар ҳамда Италия-Ўзбекистон Савдо палатаси вакиллари қатнашди.
Таъкидлаш жоизки, InnovUp (www.innovup.net) Италиянинг “Italia Startup” ва “APSTI” (Associazione Parchi Scientifici e Technologici Italiani)ларнинг бирлашуви натижасида ташкил топган. У илғор инновацион ва стартапларни ривожлантириш экотизими бўлиб, ўз ичига
25 та инновацион марказлар, илмий технопарклар, инкубаторлар, акселераторлар, инвесторларни, кичик ва ўрта бизнес вакилларини бирлаштирган инновацион тармоқлар уюшмаси ҳисобланади.

Тадбирда икки давлат ўртасида инновацион инфратузилмалар, хусусан, технопарклар, инновацион марказлар, илмий парклар соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда қўшма дастурлар ва истиқболли стартап лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Технопарклар вакиллари ўзларининг тақдимотлари билан иштирок этди. Янги лойиҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда келгусида стартапларни қўллаб-қувватлаш, вебинарлар, мутахассислар алмашув дастурлари, хусусий сектор ва давлат секторлари ўртасида ҳамкорлик (PPP cooperation) бўйича ҳам алоқаларни кенгайтириш масалаларига қизиқиш билдирилди.
Учрашув давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг «Стартаплар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича ахборот берилди ва ушбу қонун лойиҳаси юзасидан Италия томони таклиф беришга тайёр эканини маълум қилди.
“2012 йил Италияда «Стартаплар тўғрисида»ги қонун қабул қилингач, мамлакатимизда стартап лойиҳа ва компаниялар сони сезиларли даражада ортди”, – дея таъкидлади “InnovUp” уюшмаси раҳбари Фабрицио Коничелла.
Унинг айтишича, қонун стартапларни тўлиқ қўллаб-қувватлашда ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат мамлакатда янги инновацион лойиҳаларни ривожлантириш, маҳсулотларни тижоратлаштириш, янги хизмат турларини жорий этишни кенгайтиришга мўлжаллангани билан муҳим. Ўз ўрнида Италияда янги лойиҳаларни амалиётга жорий этишда илмий парклар, технопарклар ва олий таълим муассасалари ҳамкорлиги юқори даражада.
Италия томонининг стартап лойиҳаларни амалиётга жорий этишдаги илғор тажрибасидан келиб чиқиб, элчихона ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг мазкур соҳада ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўзаро англашув Меморандумларини имзолаш тўғрисида берилган таклиф Италия томонидан маъқулланди.
Учрашув якунида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «Яшнобод» инновацион технопарки билан Италиянинг “InnovUp” инновацион ва стартаплар уюшмаси ўртасидаги Англашув меморандуми лойиҳасини ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олинди.
Мазкур ҳужжат стартап ва инновацион лойиҳаларни ривожлантириш ва ўзаро тажриба алмашиш тизимини жорий қилишга ҳамда келажакда ушбу соҳада Италия-Ўзбекистон ҳамкорлигини фаоллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.