Ўзбекистон ва Италия инновация соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Мамлакатимизнинг Италиядаги элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги ва Италиянинг инновацион ва стартаплар экосистемаси уюшмаси (InnovUp) раҳбариятлари ҳамда “Италия-Ўзбекистон” савдо палатаси вакиллари иштирокида видеоконференция шаклида учрашув ташкил этилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, InnovUp Италиянинг “Italia Startup” компанияси ва “APSTI” (Associazione Parchi Scientifici e Technologici Italiani) уюшмаларининг бирикуви натижасида ташкил топган илғор инновацион стартапларни ривожлантириш экотизими бўлиб, ўз ичига 25 та инновацион марказ, илмий технопарк, кичик ва ўрта бизнес вакиллари, инкубаторлар, акселераторлар, инвесторларни бирлаштирган инновацион тармоқлар бирлашмаси ҳисобланади.
Учрашувда Ўзбекистон Инновацон ривожланиш вазирлиги ва Италиянинг InnovUp уюшмаси ўртасидаги Англашув меморандуми имзоланди, унинг доирасида ҳамкорликни амалиётга тадбиқ этиш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харита” қабул қилинди.
Видеомулоқот давомида дипломатик ваколатхона раҳбари Отабек Акбаров имзоланган меморандум икки давлат ўртасида инновацияларнинг кенг қўлланилишида, технопарклар ва стартапларни ривожланишида ва ушбу соҳаларда илмий тадқиқот ва бошқа ўзаро ҳамкорлик йўналишлари бўйича ишлар олиб борилишига мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишини урғулади.
Ўз навбатида, Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев “InnovUp” билан имзоланган ҳужжат ўзаро самарали ҳамкорликнинг бошланиши ва унинг доирасида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар Ўзбекистон ва Италия манфаатларига катта фойда келтиришига ишонч билдирди.
“InnovUp” вице-президенти Фабрицио Коничелла ҳам ушбу меморандум иккала томон соҳа вакиллари учун жуда муҳимлигини, ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ўзларининг илғор тажрибасини ўртоқлашишдан мамнун эканини маълум қилди.
Видеомулоқотда, жумладан, “InnovUp” директори Жорджо Чирон, “Италия-Ўзбекистон” савдо палатаси президенти Луиджи Иперти сўзга чиқиб, ўзларининг ушбу эътиборга сазовор тадбирда ташаббускорлар қаторида қатнашганидан хурсанд экани ва Меморандум доирасида икки томонлама ҳамкорликка амалий кўмак беришга тайёр эканини билдирди.
Тадбир якунида, тасдиқланган “Йўл харитаси”га асосан, “InnovUp”, унга аъзо технопарклар ва компаниялар ҳамда “Италия-Ўзбекистон” савдо палатаси вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини уюштиришга келишиб олинди.