МОХИ бўлими бошлиғи Алишер Собиров: Ўзбекистон Президентининг “ШҲТ Эзгу ният элчиси” институтининг таъсис этиш бўйича ташаббуси халқаро ташкилот мақсадлари ва вазифаларини тўла мос келади
Марказий Осиё халқаро институти тарихий-маданий меросни ўрганиш ва гуманитар тадқиқотлар бўлими бошлиғи Алишер Собиров Ўзбекистон Президентининг Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги йиғилишидаги нутқида илгари сурилган халқаро ва минтақавий ташаббуслар юзасидан «Дунё» АА учун фикр-мулоҳазаларини билдирди.
- Давлатимиз раҳбари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Ташкилот доирасида уюшқоқлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашни янада мустаҳкамлаш, минтақавий иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, Афғонистондаги вазиятга нисбатан келишувга асосланган ёндашувларни ишлаб чиқиш бўйича долзарб ташаббуслари қаторида минтақа парламентлари ва кенг жамоатчилик даражасида халқ дипломатиясини ривожлантиришга қаратилган манфаатли таклифларни ҳам илгари сурди, - деди МОХИ экперти. - Халқ дипломатияси – бу давлат ва нодавлат ташкилотлар, давлатлар ёки халқаро ташкилотларнинг халқаро жамоатчилик алоқаларини кенгайтиришга йўналтирилган қўшма фаолияти.
Бу фуқаролик жамиятининг халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсатдаги фаол иштирокини назарда тутади. Бошқача айтганда, бунда фаол иштирокчилар амалдорлар эмас, балки олимлар, санъат ва маданият намоёндалари, тадбиркорлар, диний уламолар, ёшлар ва оддий инсонлардир. Бундай иштирок маълум ижтимоий фикрни шакллантиришга, шунингдек, халқаро алоқалар ва муносабатлардаги ҳолатга таъсирига қаратилган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “ШҲТ Эзгу ният элчиси” институтини таъсис этиш бўйича ташаббуси ушбу халқаро ташкилот мақсадлари ва вазифаларини амалга ошириш йўлида ўз вақтида билдирилган таклиф бўлди.
Нисбатан қисқа фурсатда, ШҲТ халқаро муносабатларда сезиларли даражада муҳим аҳамиятга эга нуфузли халқаро ташкилотга айланди. Маълумки, Ташкилотга аъзо давлатларда ер юзи аҳолисининг қарийб ярми истиқомат қилади.
ШҲТ, айниқса, Евроосиё қитъасида янги типдаги муносабатлар шаклланишида муҳим роль ўйнайди. Шу маънода халқ дипломатияси механизмларини кенг қўлланилиши янада аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2019 йилда Ўзбекистонда МДҲ Халқ дипломатияси маркази ташкил этилиб, бу борада муҳим қадамлар қўйилди. Асосий вазифа – яхши қўшничилик ва ишонч, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, цивилизациялараро мулоқатни ривожлантиришдан иборат.
Илмий тафаккур оламида «оммавий дипломатия» тушунчаси асосий ўрин эгаллаб, моҳияти жиҳатидан кенг жамоатчиликнинг кўзга кўринган намоёндалари орқали мамлакат имижини, ташкилотлар ва сиёсатга ишончни шакллантиришни ташкил қилади.
Мисол тариқасида, БМТга ишонч руҳини шакллантириш бўйича фаолиятда эзгу ният элчилари институти масъул ҳисобланади.
БМТнинг эзгу ният элчилари институти 1954 йилдан буён фаолият юритаётган бўлса, унда БМТ ва унинг муассасаларини қўллаб-қувватловчи дунёнинг машҳур инсонлари фаолият олиб боради. БМТ идеаллари ва имижини мустаҳкамлашда маданият, спорт ва кенг жамоатчиликнинг машҳур вакилларининг роли ва ўрни беқиёс.
Ишончим комилки, «ШҲТ Эзгу ният элчиси» институти ШҲТ мамлакатларининг санъат, адабиёт, фан, мусиқа ва спорт соҳаларидаги машҳур арбобларидан ташкил топиб, улар ўз истеъдоди ва бор куч-ғайратини ташкилотга аъзо давлатлар ҳамда бутун дунё халқларининг турмуш даражасини оширишда ШҲТ ҳаракатларига нисбатан жамоатчилик хайрихоҳлигини оширишга сафарбар этади.
Бу эса, ўз навбатида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қуролсизланиш ва бутунжаҳонда тинчлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш, гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш, қочоқлар, ногиронлар ва болаларга кўмаклашиш, атроф-муҳитни асраб авайлаш кабилардан иборат.
Айтиш жоизки, машҳурлик – бу эзгу ният элчиларини танлашдаги базавий талаблардан бири саналади.
Мисол учун, БМТ эзгу ният элчиларининг фахрий рўйхатидан Анатолий Карпов, Роджер Мур, Мария Шарапова, Криштиану Роналдо, Майкл Дуглас, Николь Кидман, Анжелина Жоли, Шарлиз Терон, Миа Фэрроу ва бошқалар ўрин олган.
Бу каби нуфузли лавозимга номзод биринчи навбатда ўз имижини эмас, ШҲТ имижини ошириш устида иш олиб бориши зарур.
Бундай моделнинг асосий тавсифи – касб фаолияти давомида бенуқсон обрў-эътибор, орасталик, олижаноблик, мавжуд тартиб-қоидаларга риоя қилиш, ишчанлик, мардлик, очиқлик, маҳаллий тилларни, тарих ва маданиятни билиш кабилардан иборат.
Саммитда Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, глобал ва минтақавий даражада танглик ўсиб бораётган ҳозирги даврда ШҲТ ўзининг очиқлигини сақлаб қолиши, умумий даъватларга ўз вақтида муносабат билдириши, халқлар ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаши лозим.
Мухтасар айтганда, Халқ дипломатияси бу мақсадларни амалга оширишдаги самарали механизмлардан биридир.