Тошкентда биринчи Ўзбекистон-Италия таълим форуми ўтказилади
Жорий йилнинг 23-27 сентябрь кунлари Университетлар ва тадқиқотлар вазири Анна Мария Бернини бошчилигидаги Италия олий таълим муассасалари ректорлари делегацияси амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибти.
Ташриф давомида Тошкент шаҳрида 24 сентябрь куни биринчи Ўзбекистон-Италия таълим форуми ўтказилади.
Тадбирда Италиянинг Турин политехника, Венециянинг Ка-Фоскари, Болонья, Пиза, Бикокка Милан, Рома Тре, Тушша ва Сиена университетлари каби 20 дан ортиқ етакчи олий ўқув юртлари, Ўзбекистон томонидан эса 46 та етакчи олий таълим муассасалари ректор ва проректорлари иштирок этади.
Форум доирасида икки давлат университетлари ўртасида бир қатор қўшма таълим дастурларини амалга оширишга оид ҳамкорлик шартномалари имзоланиши режалаштирилган.
Ўзбекистон-Италия таълим форуми кун тартибидан талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, педагоглар малакасини ошириш, университетлараро ҳамкорлик, илмий тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва соҳанинг бошқа муҳим масалалари муҳокамаси ўрин олган.
Италия томонига кўра, Университетлар ва тадқиқотлар вазири Анна Мария Бернини ушбу ташриф давомида аниқ натижаларга эришиш ва мазкур йўналишда икки давлат олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришни асосий мақсад сифатида белгиламоқда.