Ўзбекистон-Италия заъфарон етиштириш лойиҳаси муҳокама этилди

2020 йилнинг 19 май куни Ўзбекистон Республикасининг Римдаги Элчихонаси томонидан Жиззах вилоятининг Бахмал туманида заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда Италияга экспорт қилиш бўйича инвестициявий лойиҳани амалга оширишга бағишланган видеоконференция ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг “BMB Trade Group” компанияси Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва “Opera SRL” президенти Паоло Де Анжелис иштирок этди.

Учрашув аввалида Ўзбекистоннинг Италиядаги Элчиси Отабек Акбаров ушбу лойиҳа икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик кун тартибидаги энг муҳим лойиҳалардан биридир деб таъкидлаб ўтди. Лойиҳанинг амалга оширилиши Италиянинг илғор тажриба ва технологияларини жорий этиш имконини беради, шунингдек, Ўзбекистонда доривор ўсимликлар кластерини ташкил этиш борасида стратегик шерикликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Видеоконференция давомида компания раҳбарлари ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартномасини имзоланганидан буён режалаштирилган тадбирларни амалга ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ҳақида маълумот алмашдилар.
Шунингдек, лойиҳани молиялаштиришни очиш, Италиядан заъфарон туганакларини ҳамда замонавий асбоб-ускуналар олиб кириш, ер майдонларини экишга тайёрлаш билан боғлиқ дастлабки чораларни амалга ошириш учун зарур ҳужжатларни тайёрлашга боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
П. Де Анжелиснинг сўзларига кўра, Италия томони кейинги 5 йил ичида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш бўйича жаҳоннинг йирик халқаро марказлардан бирини яратиш ниятида.
Ўз навбатида Б.Маматқулов Covid-19 пандемияси билан боғлиқ айрим чекловларга қарамай, италиялик ҳамкорнинг ушбу ноёб лойиҳани бир кунга ҳам тўҳтатмай амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолади.
.jpg)
Видеоконференция якунида томонлар лойиҳани амалга ошириш доирасида олдинга қўйилган мақсадларга эришиш борасида бор куч ва салоҳиятларини сафарбар этишга келишиб олдилар.