Ўзбекистон ва Италия дизайнерларни ўқитиш соҳасида ҳамкорлик қилади

Мамлакатимизда кийим-кечак дизайни соҳасида мутахассисларни тайёрлаш жараёнига Италия тажрибаси ва билимларини жалб қилиш мақсадида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти (ТТЕСИ) ва Пескара шаҳридаги Европа дизайн университети (UED) (Абруццо, Италия) ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Ўзаро ҳамкорликка оид ҳужжат пандемия шароитида ностандарт шаклда имзоланди. Ўзбекистон вакиллари томонидан тасдиқланган шартнома Италияга юборилди. Бу ерда эса унга, ўз навбатида, UED директори Маурицио Лепоре, халқаро алоқалар бўйича менежери Анжело Буччи ва мода дизайни департаменти раҳбари Анжело Ди Жироламо имзо қўйди.
Меморандумни амалга ошириш доирасида «мода дизайни», «график дизайн» ва «интерьер дизайни» йўналишлари бўйича ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви амалга оширилади. Ташрифлар давомида ТТЕСИ ва UED вакиллари биргаликда дизайн эскизларини ишлаб чиқади, улар асосида маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Ушбу тадбирдан аввал, яъни 2019 йил ноябрь ойида UED делегациясининг халқаро алоқалар бўйича менежери Анжело Буччи бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлган эди. Сафар доирасида италиялик мутахассислар ТТЕСИ раҳбарияти, ўқитувчилари ва талабалари билан қатор учрашувлар ўтказди. Делегация Тошкент мода ҳафталигида UED битирувчиси, ёш дизайнер Давид Ди Иорионинг аёллар учун эксклюзив коллекцияси билан иштирок этди.

Ўзбекистон дипломатик ваколатхонасидаги учрашув чоғида UED вакиллари жорий йилнинг декабрь ойида Пескара шаҳрида «Fashion Night» деб номланган ёш дизайнерлар коллекциялари намойишини ташкил этиш ниятида эканини билдирди. Ташкилотчилар ушбу тадбирга ўзбекистонлик талабаларни ҳам таклиф этиш ниятида.

Учрашувда қатнашган Сант-Анжело шаҳри мэри Маттео Перадзетти ТТЕСИ ва UED ўртасидаги ҳамкорлик доираси Ўзбекистон вакиллари учун ушбу тарихий шаҳарга саёҳатлар ташкил этиш, шунингдек, биргаликда маданий-маърифий тадбирлар ўтказишга тайёрлигини билдирди. У Ўзбекистон шаҳарларидан бири билан ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида биродарлик муносабатларини йўлга қўйишдан манфаатдор эканини изҳор қилди.
Ўзбекистон элчихонасида ташкил этилган тадбирда мазкур минтақанинг ишбилармон доиралари вакиллари ҳам иштирок этди. Улар мамлакатимиз билан таълим ва иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёр эканини таъкидлади.
Европа дизайн университети 1980 йил бир гуруҳ тадбиркорлар томонидан ташкил этилган. У дастлаб Адриатика политехника университети деб номланган. UED Италияда биринчилардан бўлиб таълим жараёнига «Macintosh» компьютер тизимини жорий қилган. Бу эса дизайн соҳасида илғор технологиялардан кенг фойдаланиш имконини берди. Университетда архитектура ва дизайн, коммуникациялар ҳамда мода факультетлари бор. Олий таълим муассасасида дарслар, шунингдек, фотосурат, веб-саҳифа, рақамли иқтисодиёт ва кемаларни безатиш бўйича ҳам машғулотлар ўтказилади.
