Термиз шаҳрида «Венето» Италия савдо уйи очилди

Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси Термиз шаҳрида «Венето» Италия савдо уйининг онлайн очилиш маросимини ташкил қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Италиянинг Ўзбекистондаги элчиси Агостино Пинна, «Венето» савдо уйининг асосчиси ва раҳбари Сергей Цуркан, Савдо уйининг Ўзбекистон томонидан кредитори «Chinni Oy Servis» компанияси раҳбари Бекназар Нуриддинов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги вакиллари иштирок этди.
Қарийб 6 ой олдин амалга оширилиши бошланган ушбу лойиҳа Ўзбекистонда экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш, хусусан, Италияда технология ва сармоялар соҳасида имтиёзга эга бўлган ипак, тўқимачилик ҳамда қуритилган меваларни экспорт қилиш соҳасида меҳнат унумдорлигини ривожлантиришга хизмат қилади.
Келажакда бундай савдо уйларини Қарши ва Тошкент шаҳарларида очиш режалаштирилган.
Онлайн тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-маърифий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорлик фаол ривожланиб бормоқда. Термизда «Венето» савдо уйининг очилиши ушбу ижобий тенденциянинг ижобий тасдиғи бўлди.
Италия томони ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдорлигини тасдиқлади. Италия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги асосий шерик деб билиши, икки томонлама иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлиги билдирди. Ўзбекистон минтақаларининг фаол ривожланиши қайд этилди.
Тадбирда Термиз шаҳар ҳокимлиги вакиллари «Венето» савдо уйининг расмий рўйхатдан ўтганини эълон қилди.
Мулоқотда қатор қўшма инвестиция лойиҳалари, жумладан қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлаш, чиқиндилар, ёнғинга ва иссиққа чидамли кабелларни ишлаб чиқариш, самолёт ва телемедицинага хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Тадбир иштирокчилари «Венето» савдо уйининг муваффақиятли фаолият юритишига ишонч билдирди.