Самарканд ярим марафони бошланишига 22 кун қолди

Жорий йил 1 ноябрь куни мамлакатимизда ҳар йили ўтказиладиган “Samarkand Half Marathon” халқаро хайрия марафони старт олади.
Тадбир Маданият вазирлиги хузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Ярим марафон ташкилий қўмитасининг қарорига биноан, марафон онлайн тарзда, шунингдек, COVID-19 тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин чораларини ҳисобга олган ҳолда профессионал спортчилар учун жисмоний мусобақа шаклида ўтказилиши кераклиги белгиланди.
“Samarkand Half Marathon” ўтказилишидан тушган барча маблағлар Ўзбекистондаги мактаб-интернатларнинг бирида аутизм билан касалланган болалар учун болалар бадиий студиясини яратишга сарфланади.
Хайрия марафонини ўтказишдан кўзланган мақсад маданият ва санъат объектлари билан танишишда инклюзивлик масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзи, спорт туризмини ривожлантиришга қаратилган.
Самарқанд ярим марафони, рўйхатдан ўтиш шартлари ва спорт мусобақасида қатнашиш ҳақида батафсил маълумотлар тадбир веб-саҳифасига ташриф буюриб, танишишингиз мумкин: https://samarkandhalfmarathon.uz/