Тошкентда «Ўзбекистон маданий мероси — янги Ренессанс пойдевори» ҳафталиги ўтказилди
Жорий йил 15-18 декабрь кунлари Тошкентда анъанавий «Ўзбекистон маданий мероси — янги Ренессанс пойдевори» маданий мероси ҳафталиги ўтказилди.
Ҳафталикнинг илк кунида «Ўзбекистон маданий мероси — янги Ренессанс пойдевори» мавзусида IV халқаро конгресс бўлиб ўтди. Анжуманда расмий доиралар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан 300 дан ортиқ таниқли хорижий олимлар, шунингдек, мингга яқин миллий иштирокчилар қатнашди.
Халқаро конгресснинг иккинчи куни хорижий олимларнинг Ўзбекистон маданий меросининг қадр-қимматига бағишган маърузалари ва лойиҳа фаолиятининг натижалари ҳамда истиқболларига бағишланган тақдимотлари ўтказилди.
Машҳур шарқшунос олимлар ўзбек заминининг тарихи ва жаҳон цивилизацияси ривожига муносиб ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий ва маданий мероси, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик муҳитини яратишдаги ўрни ҳақидаги кўп йиллик изланишларининг таъсирчан натижалари билан ўртоқлашди.
Ҳафталик доирасида, шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича 2025 йилгача амалга ошириладиган ишларнинг «Йўл харитаси»ни тасдиқланди. Бундан ташқари, мамлакатимиз музей ва кутубхоналарига «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳаси китоб-альбомлари ва ноёб қўлёзмаларнинг факсимилларига сертификатлар топшириш маросими, 35 та ноёб китоб-альбомнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Китоблар Ўзбекистондаги турли даврларга оид ва дунёнинг турли музей ва шахсий коллекцияларида жойлашган.
Ҳафталикнинг учинчи куни кино ва тарихий фотосуратлар мавзусига бағишланди. Унда «Ўзбекистон кинематографияси: ўтмиш ва келажак ўртасида мулоқот» мавзусида кино ва тарихий фотографиянинг ривожланишга бағишланган тадбирлар ҳамда сессиялар ўрин олди. Жумладан, Марказий Осиё минтақаси киношунослари йиғилиши бўлиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон кинематографияси тарихи учун муҳим бўлган Россия фильмлар фондидан ўрин олган анимацион фильмлар ва ўзбек киноси олтин тўпламининг олтита намунасини Ўзбекистонга қайтариш маросими ўрин олди.
Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги кун тартибида ёш авлод ўртасида маданият ва фанни оммалаштириш қаратилган «Янги авлод — Янги Ренессанс» мавзусида ёшлар форумини ўтказилди. Мазкур анжуман доирасида ёш авлод вакиллари мамлакатимиз маданияти ва санъати соҳасидаги ютуқлар билан танишдилар. Мультимедиа «базалари», тарихий расмларни жонлантирувчи тарихий картиналар билан 3D-инсталляциялар, тарихий фильмлар ва китоблардаги саҳналарнинг реконструкциялари, ҳунармандлар бурчаги, ўзбек миллий рақслари маҳорат дарслари ташкил этилди. Шунингдек, «Нима? Қачон Қаерда?» экспертлар жамоасининг мамлакатимиз тарихи мавзусига бағишланган викторина ўйин ўтказилди.