Ўзбекистон Фанлар академияси ва Италия миллий тадқиқотлар кенгаши ўртасида Меморандум имзоланди

Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Ўзбекистон Фанлар академияси ва Италия миллий тадқиқотлар кенгаши (Consiglio Nazionale delle Ricerche - CNR) ўртасида туркум онлайн-музокаралар ташкил этилди.
Тадбирларда CNR раҳбарияти Ўзбекистонда амалга оширилаётган илм-фан соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, жумладан, узлуксиз таълим, илм-фан, инновациялар ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳаларидаги ислоҳотларга юқори баҳо берди.
CNR Ўзбекистон ва Италия академик жамиятларининг салоҳияти ва ўзаро қизиқишини ҳисобга олган ҳолда, икки мамлакат ўртасида узоқ муддатли илмий ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди. Хусусан, у илмий тадқиқот қурилмаларидан ўзаро фойдаланиш, илмий маълумотлар алмашиш, фундаментал ва амалий тадқиқотларда тажриба алмашиш, олимлар ва тадқиқот гуруҳлари ўртасидаги илмий шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган бўлади.
Ўзаро ҳамкорлик – илмий кадрлар алмашинуви, қўшма илмий лойиҳалар амалга ошириш, маҳорат дарслари, семинарлар, конференциялар, шунингдек, томонлар таклифига биноан бошқа тадбирларни ташкил этишни назарда тутади.
Ўтказилган музокаралар ва элчихона ташаббуси билан бошланган ушбу лойиҳа натижасида жорий йилнинг 11 май куни Ўзбекистон Фанлар академияси ва Италия миллий тадқиқотлар кенгаши ўртасида ўзаро илмий ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумга қўл қўйилди.
Меморандум Ўзбекистон Фанлар академияси президенти профессор Беҳзод Юлдашев ва CNR президенти профессор Мария Къяра Кароцца томонидан имзоланди.
Ҳужжат икки мамлакат олимлари ва тадқиқотчилари ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашни ва аниқ соҳаларда илмий ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.
Томонлар, шунингдек, ҳар икки йилда ҳамкорлик дастурини янгилаб, қўшма лойиҳаларни ўзаро молиялаштириш масалаларини мувофиқлаштириб олишга келишиб олди.